Коронавируснинг Бразилияда аниқланган янги тури АҚШда ҳам пайдо бўлди

Коронавирусдан ўлган қариндошини дафн этаётган Бразилия фуқароси.

Коронавируснинг Бразилияда пайдо бўлган янги штамми Қўшма Штатларга ҳам кириб келгани маълум бўлди. Расмийларга кўра, 25 январь куни Бразилияга бориб келган Миннесота штатида яшовчилардан бирида янги штамм аниқланган.

Президент Жо Байден 25 январдан Британия, Бразилия, Ирландия ва Европанинг катта қисмида бўлган шахсларнинг АҚШга киришини тақиқлади.

Қарор билан коронавируснинг яна бир тури аниқланган Жанубий Африкада бўлган сайёҳларнинг ҳам АҚШга кириши тақиқланади.

Коронавируснинг Жанубий Африкада аниқланган тури жиддий хавотирларга сабаб бўлмоқда. Чунки мазкур вирусга коронавирусга қарши ҳозирда амалда бўлган вакциналар деярли таъсир қилмаслиги аниқланган.

Британияда аниқланган янги штамм эса аввалгисига қараганда тез тарқалувчан бўлиб чиқди. Коронавируснинг Британияда аниқланган янги штаммидан ўлганлар сони ҳам кўпамоқда.

Британия Бош вазири Борис Жонсон коронавирусга қарши чекловларни кучайтириш, жумладан, чегарадан ўтиш қоидаларини қийинлаштириш масаласи ўрганилаётганини билдирди.