Коррупция даражаси бўйича халқаро рейтингда Ўзбекистон 146-ўринни эгаллади

2019 йилда Ўзбекистон мазкур рейтингнинг 153-поғонасида эди.

Transparency International халқаро ташкилотининг жаҳон давлатларидаги коррупция даражаси бўйича навбатдаги ҳисоботида Ўзбекистон 180 давлат орасида 146-ўринни эгаллади. 2019 йилда Ўзбекистон мазкур рейтингнинг 153-поғонасида эди.

Рейтингда коррупция даражаси 0 баллдан 100 баллгача бўлган миқдорда ўлчанади. Балл қанча юқори бўлса, мамлакатда коррупция даражаси озлигини англатади. Ўзбекистон мазкур рейтингда 26 балл олган.

Минтақа давлатлари ичида Қозоғистон 113-ўринни, Қирғизистон-124 ўринни, Тожикистон 149 ўринни, Туркманистон 166-ўринни эгаллади.

Рейтингда 88 балл берилган Дания, Янги Зеландия, 85 балл олган Финландия, Сингапур, Швеция ва Швейцария коррупция энг оз мамлакатлар ўнлигидан жой олди.

Жаҳоннинг энг коррупциялашган мамлакатлари қаторидан 12 балл олган Жанубий Судан ва Сомали жой эгаллади.