Кремль вазият кескинлашса Ўзбекистонга кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко

Москва Афғонистондаги вазият юзасидан Тошкент билан мунтазам алоқада бўлиб турибди ва Ўзбекистон ҳукумати илтимос қилса, кўмак кўрсатишга тайёр. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко 22 июль куни маълум қилди.

“Биз ўзбек ҳамкасбларимиз билан мунтазам алоқада бўлиб турибмиз. Ўзбекистон Афғонистон Ислом Республикаси билан умумий чегарага эга бўлган бизнинг иттифоқчимиз ва стратегик ҳамкоримиздир. Биз дўстимизга, зарурат пайдо бўлган тақдирда Ўзбекистон раҳбариятининг сўрови асосида қўшимча кўмак кўрсатишга тайёрмиз”,-деди Руденко Новости агентлигига берган интервьюсида.

20 июль куни Ўзбекистон ва Россия ҳарбийларининг қўшма ҳарий машғулотлари Термиз полигонида 30 июлдан 10 августгача ўтказилиши хабар қилинган эди.

Расмий хабарда машғулотларда 1500 аскар ва 200га яқин ҳарбий техника, жумладан, авиация ҳам иштирок этиши айтилган.

30 июлда бошланадиган ҳарбий ўқув машқлари режаси Афғонистон шимолида Толибоннинг афғон ҳукумат кучларига қарши ҳужумлари кучайган ва Марказий Осиёда хавфсизлик хавотирлари ортиб бораётган паллада эълон қилинмоқда.