Марказий сайлов комиссияси Euronews хабарига раддия берди

Президент Шавкат Мирзиёев оила аъзолари билан сайлов участкасида.

Марказий сайлов комиссияси 24 октябрда ўтган президентлик сайловида Шавкат Мирзиёев 90 фоиз овоз олгани тўғрисида Euronews телеканали тарқатган хабарга раддия берди.

Мазкур хабар ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан кўчирилиб, тарқатила бошланган эди.

"Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижалари эълон қилинганлиги ҳақида хабар тарқатилмоқда. Бу хабар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Президент сайловининг дастлабки натижалари бугун Тошкент вақти билан соат 16.00 да Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев томонидан эълон қилинишини яна бир карра эслатиб ўтамиз”, - дейилади расмий баёнотда.

Аввалроқ Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев сайловда сайловчиларнинг 16 миллион 36 минг 914 нафарни ёки 80,8 фоизи овоз бергани тўғрисида билдирган эди.

Сайлов кодексининг 96-моддасига асосан сайловда сайловчиларнинг камида 33 фоизи овоз берган бўлса, сайлов бўлиб ўтган деб ҳисобланади.