Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар билан видеоконференц орқали 15 дақиқагача қисқа муддатли учрашувлар ўтказишга рухсат берилади, деб ёзди “Дарё” нашри 8 март куни.
Хабарда айтилишича, бу ҳақда нашрга Жазони ижро этиш бош бошқармаси Тарбиявий ва ижтимоий психологик ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи, подполковник Жамшид Султонов маълум қилган.
Унга кўра, маҳкумларнинг видеоалоқа орқали 15 минутлик қисқа учрашувлар ўтказиш тартиби ишлаб чиқилган. Айни пайтда бу тизим тест режимида ишламоқда.
“Амалдаги қонунчиликка кўра, учрашувлар ўртада тўсиқ бўлган ҳолда ташкил қилинади. Шунинг учун бу қўшимча чиқимларни олдини олиш, қариндошларини йўлкира харажатларидан озод қилиш мақсадида қўлланилмоқда. Бундан ташқари, замонавий технологияларни ЖИЭМга жорий этилаётган янгиликларимиздан биттаси”, – деб иқтибос келтирди ИИВ вакили сўзларидан нашр.