МБ: Коронавирус туфайли эълон қилинган кредит таътилида ҳам фоиз ҳисобланаверади

Марказий банкнинг бош офиси.

Кредит таътиллари давомида кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисобланиши давом этавериши Марказий банк баёнот берди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармонига мувофиқ, молиявий қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларга банклар томонидан ажратилган кредитлар бўйича тўловларни амалга ошириш муддати 1 октябрга қадар кечиктирилган эди.

Марказий банкка кўра, "шунга қарамай... кредит бўйича тўлов муддатлари кечиктирилган даврда ҳам кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисобланиши давом этади ва ушбу фоизлар кечиктирилган муддат тугаганидан сўнг тўланилиши лозим".

МБ келгусида қарз олувчиларда қарз суммаси ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида Марказий банк жорий давр учун кредит бўйича тўловни амалга оширишга молиявий имконияти бўлган қарздорларга ўз кредитларини кредит шартномаларида белгиланган муддатларда сўндиришни давом эттиришни тавсия этган.