Мингтадан кам ўқувчи ўқийдиган мактаблар хусусий шахсларга берилади

Тадбиркорга мактабнинг бўш ҳудудидан фойдаланиш имконияти берилади.

Ўзбекистонда мингтадан оз ўқувчи ўқийдаган мактаблар хусусий шахсларга ишончли бошқарувга берилади. Бу ҳақда президентнинг «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони борасида ўтказилган матбуот анжуманида халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев маълум қилди.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, вазир ўринбосари мактаблар хусусий шахсларга ишончли бошқарувга берилишини “хусусийлаштириш деб аташ хато” эканини, “Мактаблар хусусийлаштирилмаслиги”ни айтган.

Усмон Шарифхўжаев га кўра, бор қувватидан паст даражада ишлайдиган мактаблар бор. Бу мактабларда мингта ўрин бўлса, унда фақат 700, 600, 500 нафар бола ўқийди.

“Мана шундай мактабларга тадбиркорлар таклиф этилади. Уларга шарт қўйилади: ўқиётган болалар, микроҳудудга кирган болаларни текин ўқитиш, ўқитувчиларга шароит яратиш, мактаб моддий базасини ривожлантиришда ёрдам бериш”,— деди вазир ўринбосари.

Расмийнинг билдиришича, бунинг эвазига тадбиркорга мактабнинг бўш ҳудуди, биноси, ерида таълимга алоқаси бор бўлган объектни барпо этиб, юргизиш имконияти берилади.

Мактаблар ишончли бошқарувга беш йил муддатга кейинчалик қўшимча муддат берилиши имконият билан берилади.