Молдовада президент сайлови бўлиб ўтмоқда

1 ноябрь куни Молдовада президент сайлови бўлиб ўтмоқда. Сайловда амалдаги президент, «Молдова социалистик партияси» асосчиси Игорь Додон етти нафар номзод билан беллашмоқда.

Додон Россия билан ҳамкорлик қилиш тарафдори бўлиб, унинг асосий рақиби собиқ бош вазир ҳамда «Ҳаракат ва бирдамлик партияси» етакчиси Майя Сандудир.

Сайловолди сўровлар натижаларига кўра, Додон 45 фоиз, ғарб билан муносабатларни мустаҳкамлаш тарафдори ҳисобланувчи Санду 20 фоиз овоз тўплашини кутиш мумкин.

Сайловчиларнинг 35 фоизи эса ҳали бир қарорга келмаганини изҳор қилган.

2016 йилги сайловда Додон Санду устидан кичик фарқ билан ғалаба қозонган эди.

2019 йилнинг июнидан ноябригача Санду бош вазир лавозимида ишлади. Аммо Санду Додоннинг Бош прокуратурани президентга бўйсундириш уринишларига тўсқинлик қилгани учун президент уни лавозимидан четлатди.

Сайлов арафасида ҳар икки етакчи номзод бир-бирини хориждан ёрдам олишда ҳамда хориж давлатлари манфаатларини ҳимоя қилиш айблади.

Аҳолиси 3,5 миллион бўлган Молдова энг қашшоқ Европа давлатидир.

Мамлакат аҳолиси бир томонда Россия билан ҳамкорлик қилишни қўллайдиганларга, бошқа томонда эса Европа Иттифоқи билан интеграция тарафдорларига бўлинган.