Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев молия вазири ўринбосари Абдимухтор Эргашевнинг қишлоқ хўжалигига қонунбузарлик йўли билан маблағ ажратилишига алоқадорлигини текшириш тўғрисида бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга сўров юборди. Бу ҳақда «Газета.uz» 19 ноябрь куни маълум қилди.
Ниғматилла Йўлдошев 11 ноябрь куни Жамшид Қўчқоров номига жўнатган сўровида таъкидланишича, бошоқли дон экинларини етиштириш учун буюртмалар бир йилда бир маротаба, 1 сентябрга қадар Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига тақдим этилиши белгиланган.
“Шунга қарамай, жорий йилнинг 25 май куни «Агробанк» томонидан Бўка туманидаги «Мелек дон агро» МЖЧ учун 16,3 млрд сўм ресурс маблағи ажратиш ҳақида жамғармага буюртма тақдим қилинган. 26 май куни жамғармадан 16,3 млрд сўм маблағ ажратилган”,-дейилади хабарда.
Бош прокурор ўз мактубида 16,3 млрд сўм ғалла ҳосилини етиштириш учун йўналтирилмасдан, ноқонуний равишда «Мелек дон агро»нинг айланма маблағини тўлдириш учун бериб юборилган.
Бош прокурор маълумотига кўра, бугунги кунга келиб, 16,3 млрд сўм кредитнинг 11,3 млрд сўми қайтарилмаган.
Хабарда айтилишича, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туман ҳокимининг 2019 йил 31 октябрдаги буюртмасига кўра, «Бек агро экспорт» МЖЧга 45 та фермер хўжаликларининг 2147 гектар майдонида ғалла етиштириш харажатлари учун 7,3 млрд сўм ажратилган.
Шунга қарамасдан, «Агробанк» томонидан 16 апрель куни ҳеч бир асословчи ҳужжатларсиз «Бек агро экспорт» МЧЖ учун қўшимча яна 4 млрд сўм ажратилган.
Бош прокурор сўровида қайд этилишича, «Агробанк»нинг Қумқўрғон филиали бошқарувчиси С.Тўрақулов ва «Бек агро экспорт» МЖЧ раҳбари Э.Эргашев ажратилган пулни ғалла ҳосилини етиштириш учун сарфланмасдан жамиятнинг айланма маблағини тўлдириш учун йўналтиришган.
Бош прокурор хатида мазкур ишга алоқадор шахслар ўз тушунтириш хатларида Молия вазирининг ўринбосари А.Эргашев жамғарма ва «Агробанк» бошқарувига босим ўтказиб, ўзининг укаси Э.Эргашев раҳбарлигидаги «Бек агро экспорт»га 4 млрд сўм ҳамда М.Исмоилов раҳбарлигидаги «Мелек дон агро»га 16,3 млрд сўм маблағларни жамғармадан ажратиш ҳақида топшириқ бергани, шу сабабли уларга ресурс ажратишга мажбур бўлишганини баён қилишган.
«Газета.uz»нинг ёзишича, Жамшид Қўчқоров 16 ноябрь куни масъул вазирликлар, жамғарма ҳамда «Агробанк"ка вазиятни ҳар томонлама ўрганиш ва хулоса бериш бўйича топшириқ берган.