Москва расмийлари академик Сахаровнинг 100 йиллигига бағишланган кўргазмага изн бермади

Андрей Сахаров (чапда). 1974 йилда олинган сурат.

17 май куни Москва ҳокимияти жаҳонга машҳур бўлган олим ва ҳуқуқ ҳимоячиси Андрей Сахаров таваллудининг 100 йиллигига бағишланган фотокўргазмани ўтказишга рухсат бермади. Бу ҳақда The Insider нашри кўргазма ташкилотчилари сўзларига асосланиб хабар берди.

«2020 йил 23 мартда биз шаҳар маданият бўлимидан улар Чистопрудний бульварида кўргазма ўтказиш учун фотоустендларни тақдим этишга ҳозир эканликлари тўғрисида хат олдик. Сахаров маркази 15 апрель куни бўлимга экспозиция макетини юборди. У фақат Сахаровнинг суратлари, таниқли совет ва рус фотографлари томонидан олинган фотосуратлар, шунингдек, Андрей Дмитриевичнинг хотиралари, мақолалари ва нутқларидан иқтибосларни ўз ичига олади», - деди ташкилотчилар.

30 апрель куни ташкилотчилар расмийлардан оғзаки рад жавобини олган. 14 май куни уларга стендлар Ғалаба куни муносабати билан яна бир кўргазма учун керак бўлганини айтишган.

11 май куни Сахаров маркази Москва Маданият бошқармасидан ўз қарорини расман изоҳлаб беришни сўраган. Москва расмийлари ҳозирча бу сўровга жавоб бермади.

Уч марта Социалистик меҳнат қаҳрамони, энг даҳшатли қуроллардан бири - водород бомбасининг асосчиси Сахаров 1975 йилда Нобель Тинчлик мукофоти лауреати бўлган. Мазкур мукофот унга 1950 йилларнинг охирларидан бошлаб жаҳонда оммавий қирғин қуролларини қисқартиришга ва СССРдаги сиёсий маҳбусларни ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси учун берилди.

У Совет Армиясининг Афғонистонга киритилишига қарши фикр билдиргани учун 1980 йилда СССР ҳукумати қарори билан Москвадан олис ҳудудга бадарға қилинган. Унга 1986 йилдагина Москвага қайтишга рухсат берилган. У Москвада 1989 йилда 68 ёшида вафот этган.