Москвада ўлик ҳолда топилган ўзбекистонликнинг шахси аниқланди

Иллюстратив сурат.

Иллюстратив сурат.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси оғзига ғишт тиқиб ўлдирилган ўзбекистонликнинг шахсини аниқлади ва унинг жасадини ватанига қайтариш ҳаракатини қилмоқда. Бу ҳақда агентлик 9 сентябрь куни расман билдирди.

Маълум қилинишича, ўлик ҳолда топилган ўзбекистонлик 1990 йилда туғилгани, унинг кимлиги аниқланган. Бироқ агентлик унинг исми-шарифини ошкор этмади.

“Унинг яқин қариндошлари билан алоқа ўрнатилиб, жасадни Ўзбекистонга қайтариш бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда”,-дейилади агентлик баёнотида.

Бундан ташқари Россиянинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан алоқалар ўрнатилиб, мазкур ҳодиса назоратга олинди.

Озодлик радиоси 6 сентябрь куни Москвада оғзига ғишт тиқилган мигрантнинг жасади топилгани тўғрисида хабар берган эди.