Контракт асосида давлат олий таълим муассасаларига қабул қилинган ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёллар давлат ҳисобидан ўқитилади. Мазкур меъёр “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида белгилаб қўйилди.
5 март куни қабул қилинган қарорга асосан мазкур тартиб 2021/2022 ўқув йилидан жорий этилади. Муҳтож хотин-қизларнинг ўқиш пулларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда давлат олий таълим муассасалари тўлаб беради.
Шунингдек, бакалавриат босқичини муваффақиятли тамомлаб, хорижнинг нуфузли таълим муассасаларига “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиялари асосида ўқишга юбориладиган стипендиатлар орасида хотин-қизлар улуши камида 20 фоизга кўпайтирилади.