Навальний ўзини МРБ билан ҳамкорлик қилганини иддао қилган Песковни судга берди

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков

Мухолифатчи Алексей Навальний Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковга қарши Москванинг Пресненский туман судига даъво аризаси топширган. Бу ҳақда “МБХ медиа” нашри туман суди картотекаси ҳамда расмий вакили сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Даъво аризасида Навальний ТАСС агентлигининг 1 октябрдаги материалида Песков “ҳақиқатга мувофиқ келмаган” ҳамда мухолифатчининг “шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси”га доғ туширувчи маълумотларни тарқатганлигини қайд этган. Мухолифатчи суд қарори қонуний кучга кирган пайтдан бошлаб 10 кун ичида Президент админстрациясининг расмий сайтида раддия ёйинлашни талаб қилмоқда.

Шу йилнинг 1 октябрь куни Песков Навальнийнинг Владимир Путинни мухолифатчи жонига қасд қилганига оид айблови АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) йўриғи билан амалга оширилганини билдирган. “Хаста билан МРБ мутахассислари ишлаётганини ҳисобга олинса, у мазкур ташкилот ўзига нима деса, шуни гапиряпти”, дея иқтибос келтирган Кремль матбуот котиби сўзларидан ТАСС агентлиги. Песков МРБ мутахассислари Навальнийга “турли инструкциялар”ни “биринчи марта бераётгани йўқ”лигини ҳам иддао қилган.

Россиядаги мухолифат лидерларидан бири Алексей Навальний заҳарланиш асоратлари билан 20 август куни Омскда касалхонага ётқизилганди – унинг аҳволи Томскдан Москвага парвоз қилаётган учоқнинг ичида ёмонлашган. Орадан икки кун ўтгач, мухолифатчи хотини ва ҳамкасблари ҳамроҳлигида Берлиндаги “Шарите” клиникасига кўчирилган. Комада бўлган сиёсатчи 19 кундан кейин ҳушига келганди.

Россиялик врачлар Навальний атайлаб заҳарланганини рад этиб, унинг ҳолатини “модда алмашинуви бузилиши” ўлароқ баҳолаганлар. Германиялик мутахасислар ва Европадаги қатор мустақил лабораториялар мухолифатчининг организмида “Новичок” заҳарли моддасига ўхшаш модда асоратларини топганлар.

Ғарб мамлакатлари Кремлдан Навальнийнинг заҳарланишига оид ҳолат юзасидан суриштирув ўтказишни талаб қилган. Россия тергов идоралари эса бу борада жиноят иши очишдан бош тортганлар. Шундан сўнг Европа Иттифоқи ва Буюк Британия заҳарланиш ҳодисасига алоқадорликда гумонланган ёки тергов ўтказилишига йўл бермаётган россиялик қатор амалдорлар ва ташкилотларга нисбатан санкциялар жорий қилган. Улар орасида Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников, Россия президенти администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко, Россия президентининг Сибирь федерал округидаги мухтор вакили Сергей Меняйло ва бошқалар бор.

Навальнийнинг ўзи суиқасд ортида шахсан Россия президенти Владимир Путин турибди, деб ҳисоблайди. Ҳозирда мухолифатчи Германияда соғлиғини тикламоқда, кейин эса ватанига қайтиб, сиёсий фаолиятини давом эттирмоқчи. Кремль Навальнийнинг заҳарланишига алоқадор эканига оид айбловларни рад этиб, буни Ғарбнинг провокацияси, деб атамоқда.