Нефть-газ кимё саноатида 9 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқчи

Президент истиқболли лойиҳалар билан танишди.

Ўзбекистонда нефть-газ кимё саноатини ривожлантириш мақсадида умумий қиймати 9 миллиард доллар бўлган 52та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, 25 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев нефть-газ кимё саноатидаги истиқболли лойиҳалар билан танишган.

Расман билдирилишича, табиий газни чуқур қайта ишлаш бўйича қарийб 9 миллиард долларлик 52 та лойиҳа белгиланган. Шундан 15 таси ноорганик кимё, 23 таси органик кимё, 12 таси полимерлар бўйича.

“Тақдим этилган барча лойиҳалар самарасида 4,1 миллиард доллар қийматидаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 1,1 миллиард долларлик импорт ўрни тўлдирилиши ва 1,45 миллиард долларлик экспорт таъминланиши мумкин. Жами 6 минг 500 га яқин иш ўрни яратилиши режалаштирилган”,-дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, келгуси йилдан бошлаб кўпикли полипропилен, ёғоч-полимерли композит лист, водород пероксиди, карбоксиметилцеллюлоза асосида реагентлар, карбамид формальдегид концентрати, сульфат кислота, карбонат ангидрид газидан сода ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади.

Шунингдек, поливинилхлорид, каустик сода ва метанол заводининг 2-босқичи ҳамда компрессорни ювувчи саноат мойи корхонаси бўйича ишлар бошланади.