Озарбайжон Арманистон қайтариши шарт бўлган яна бир туманда ўз назоратини ўрнатди

Тоғли Қорабоғ атрофидаги учта туман Озарбайжонга топширилмоқда.

Тоғли Қорабоғда урушни тўхтатиш шартномаси доирасида Озарбайжон Арманистон қайтариши шарт бўлган уч тумандан иккинчисида ўз назоратини ўрнатди.

Озарбайжон Мудофаа вазирлигининг билдиришича, 25 ноябрь куни Озарбайжон армияси Келбажар туманига кирган.

Шартномага асосан Арманистон Келбажар туманини 15 ноябрда Озарбайжонга топшириши лозим эди. Аммо гуманитар сабабларга кўра, Озарбайжон Арманистонга берилган муҳлатни 25 ноябргача узайтирганди.

Арманистон Тоғли Қорабоғ атрофидаги Озарбайжонга қарашли уч туманни 1994 йилдаги урушдан бери ўз назорати остида сақлаб келаётганди.

Тоғли Қорабоғда урушни тўхтатиш шартномасига асосан Арманистон Озарбайжонга Ағдам, Келбажар ва Лочин туманларини топширади.

Ағдам тумани Озарбайжонга 20 ноябрда қайтарилган. Лочин тумани эса 1 декабргача топширилади.

10 ноябрь куни Озарбайжон ва Арманистон Тоғли Қорабоғда 27 сентябрдан бери давом этаётган урушни тўхтатиш тўғрисидаги шартномани Россия воситачилигида имзолаган эди. Мазкур битимга асосан Тоғли Қорабоққа Россия тинчликпарвар кучлари киритилган.

Халқаро ҳамжамият Тоғли Қорабоғни Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олади.