Ўзбекистонда йиллик нисбатда озиқ-овқат нархлари 14 фоизга, 2021 йилнинг 10 ойи ичида эса 7,3 фоизга ўсган. Бу ҳақда Давлат Статистика қўмитаси маълум қилди.
Қўмитанинг билдиришича, бу кўрсаткич 2019-2020 йиллардагига нисбатан анча кам. Жумладан, озиқ-овқат нархлари 2019 йилда 19,5 фоизга, 2020 йилда 17 фоизга ўсган эди.
Расман билдирилишича, октябрь ойида мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 1,9 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари 1,1 фоизга, хизматлар нархи эса 0,5 фоизга қимматлаган. Айни пайтда йиллик инфляция даражаси 10,6 фоизни ташкил қилмоқда.
Қўмита ҳисоботида таъкидланишича, ўтган йилларда ҳам нархлар ошиши борасида озиқ-овқат маҳсулотлари етакчилик қилган. Озиқ-овқат 2019 йилнинг октябрида 2,3 фоизга, 2020 йил октябрида эса 2,8 фоизга қимматлаган.