Олмалиқда қиймати деярли 5 миллиард долларлик мис кони ва фабрикасининг тамал тоши қўйилди

Президент Мирзиёев Олмалиқда 3-мис фабрикасининг тамал тошини қўймоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 июль куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишининг тамал тошини қўйди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.

Расман билдирилишича, 2024 йилда ишга тушириладиган мазкур мажмуада жами 6 мингта иш ўрни ташкил этилиши режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллиард 894 миллион долларни ташкил қилади. 3-Мис бойитиш фабрикаси 60 миллион тонна мис-молибден рудасини қайта ишлаш қувватига эга бўлади.

Мис бойитиш фабрикасини “Ёшлик-1” кони хом ашё билан таъминлайди. Ҳудуди 11 минг гектар бўлган мазкур кондан йилига 65 миллион тонна маъдан қазиб олинади.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати очиқ ва ерости конлари, металлургия ва цемент заводлари, кенг қамровли инфратузилма объектларини бирлаштирган улкан саноат мажмуасидир.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг 7 фоизи, экспорт ҳажмининг 15 фоизи мазкур комбинат ҳиссасига тўғри келади.