Олтин-валюта захираси бир ойда 100 миллион долларга камайди

Ўзбекистоннинг расмий халқаро захиралари ҳажми ўтган бир ой ичида 104 миллион 400 минг долларга камайган.

Марказий банк маълумотига мувофиқ, жорий йил 1 ноябридаги ҳолатга кўра, мамлакатнинг расмий захира активлари 33 миллиард 355 миллион 800 минг долларга тенг бўлган. 1 октябрь ҳолатига кўра, мазкур кўрсаткич 33 миллиард 460 миллион 200 долларни ташкил этганди.

Захираларнинг 19 миллиард 40 миллион 500 минг доллари олтин шаклида, 13 миллиард 941 миллион 500 доллари эса хорижий валюта ва депозитлар шаклида сақланмоқда.

Олдинги ойда Ўзбекистоннинг олтин-валюта захираси 1 миллиард 150 миллион долларга камайганди.

Ундан ҳам аввал Ўзбекистон жорий йилнинг январь-август ойлари оралиғида рекорд даражада – 5 миллиард 800 миллион долларлик олтин сотгани ҳақида хабар қилган эдик.

Олтин-валюта захираси ҳар бир мамлакатнинг “қора кун”га асралган мулки бўлиб ҳисобланади.