Пандемия даврида қарийб 220 миллиард сўмлик “чиройли” авторақам сотилди

Жорий йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида Ўзбекистонда онлайн-аукционлар орқали 218 миллиард 800 миллион сўмлик 80,5 мингдан зиёд “чиройли” авторақам сотилган. Бу ҳақда 25 ноябрь куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” АЖ вакиллари томонидан ўтказилган матбуот анжуманида билдирилган.

Пандемияга қарамай, қайд этилишича, авторақамлар сотуви сон жиҳатдан 2,6 баробарга, ҳажми бўйича эса 71,2 фоизга ўсган.

Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2 миллион 600 минг сўмга тенг бўлган. Сотилган авторақамнинг энг паст баҳоси 450,5 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 186 миллион 200 минг сўмни ташкил қилган.

Жорий ой бошида “чиройли” авторақамлар аукционга қўйилган кундан бошлаб 6 ой мобайнида сотилмаган тақдирда арзонлаштирилишига оид ҳукумат қарори қабул қилинган.

Аввалроқ 2019 йили Ўзбекистонда онлайн-аукцион орқали 156 миллиард сўмлик “чиройли” авторақам сотилгани ҳақида хабар қилган эдик.