Пахта мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйган бешта туман ҳокими огоҳлантирилди

Жорий йилдаги пахта терими мавсумида мажбурий меҳнат бўйича энг кўп ҳолат Наманган вилоятида аниқланган.

Пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйганликлари учун Чортоқ, Учқўрғон, Оҳангарон, Ўрта Чирчиқ, Урганч туман ҳокимларига ҳайфсан берилди.

Олий Мажлис Сенати матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳокимлар мажбурий меҳнат ҳолати яна такрорлангани аниқланадиган бўлса, лавозимидан озод этилиши бўйича огоҳлантирилди.

Хабарда айтилишича, 4 декабрь куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтган.

Комиссия йиғилишида жорий йилдаги пахта терими мавсумида мажбурий меҳнат бўйича энг кўп ҳолат Наманган вилоятида аниқлангани билдирилди. Бундан ташқари Жиззах вилоятида 7 та, Тошкент вилоятида 6 та, Сурхондарё вилоятида 5 та, Хоразм вилоятида 3 та, Бухоро, Андижон, Қашқадарё, Навоий, Фарғона вилоятларида биттадан мажбурий меҳнат ҳолатлари кузатилган.

“Ўрганишлар давомида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан меҳнат қонунчилигини бузганлиги учун 170 нафар мансабдор шахсга жами 653 млн. 167 минг сўм миқдорда маъмурий жарима тайинланди”,-дейилади хабарда.

Шунингдек, мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги учун 42 нафар мансабдор шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддасига асосан жавобгарликка тортилди ва яна 6 та ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар судларга киритилди.