Пенсия ва нафақалар 1 июлдан оширилади. Энг кам пенсия 400 минг сўм бўлади

Пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 256 минг 675 сўмдан 400 минг сўмга оширилади.

Президентнинг 4 июндаги “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан 2021 йил 1 июлдан пенсия ва нафақалар оширилади.

Фармонга асосан белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий этилади. Бунда, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 256 минг 675 сўмдан 400 минг сўмга оширилади.

Белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 565 минг сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори 565 минг сўмга етказилади.
Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори 315 минг 30 сўмдан 400 минг сўмга етказилади.

Бундан ташқари, боқувчисини йўқотганлиги учун пенсия олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори 256 минг 675 сўмдан 400 минг сўмга оширилади. Агар боқувчисини йўқотганлиги учун пенсия олувчиларнинг бир нафардан кўп меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси бўлса, уларнинг ҳар бирига қўшимча тарзда 150 минг сўмдан пул берилади.

Болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа ойига 513 минг 350 сўмдан 565 минг сўмга оширилди.