Пойтахт Тошкентни иссиқлик билан таъминлаш Франция ширкатига топширилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон пойтахти Тошкентни 30 йил давомида иссиқлик билан таъминлаш мажбуриятини Франциянинг “Veolia Central & Eastern Europe” ширкати ўз зиммасига олди. Мазкур мажбурият Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳри иссиқлик таъминоти тизимини давлат-хусусий шериклик асосида ривожлантириш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланди.

Расман билдирилишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Осиё тараққиёт банки билан пойтахтни иссиқлик таъминоти билан таъминлашни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида модернизация қилиш ва бошқарувга бериш лойиҳасини амалга оширади.

Осиё тараққиёт банки Тошкентни иссиқлик билан таъминлашни “Veolia Central & Eastern Europe” ширкатига топширишни тавсия қилган.

Лойиҳа концепцияси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган ва Франция ширкати Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказилган.

Осиё тараққиёт банки дастлабки 3 йил давомида лойиҳани амалга ошириш ҳамда мониторинг олиб бориш бўйича маслаҳатчи сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўмаклашади.