Покистон суди куфрда айбланиб қамалган насронийни гаров эвазига озодликка чиқарди

Иллюстратив сурат. Қамоқхона тиканли симлари.

Покистон суди ўспиринлик чоғида куфрда айбланиб, қамалган насроний Набил Масиҳни гаров эвазига озодликка чиқарди.

1 март куни Масиҳни судда ҳимоя қилиб келаётган Британия–Покистон насронийлар уюшмаси Лоҳур суди 20 ёшга тўлган Масиҳ «жиноят содир этганини кўрсатувчи ҳеч қандай далил йўқлигини» айтиб, гаров эвазига озод қилишни буюрганини билдирди.

Тўрт йил қамоқда ўтирган Масиҳ уч кун ичида озодликка чиқарилиши кутилмоқда.

2016 йилда ўша пайтда 16 да бўлган Масиҳни оломон Facebookда Маккадаги Каъба расми билан таҳқирловчи пост ёзишда айблаган эди. Натижада 2018 йилда суд уни 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Британия–Покистон насронийлар уюшмаси Масиҳ тўлиқ оқланишига эришиш учун курашишда давом этишни режалаштирмоқда.