Покистонлик журналист номаълум қуролли шахслар томонидан отиб ўлдирилди

Покистонда журналист Восим Алам мамлакатнинг нотинч шимоли-ғарбий қисмида номаълум қуролли шахслар томонидан отиб ўлдирилди. Бу ҳақда мамлакат полицияси маълум қилди.

Аламнинг жасади 10 апрель куни кеч Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Карак туманида топилган.

Алам Sada-e Lawaghir маҳаллий газетасининг журналисти ва муҳаррири бўлган.

Полиция маълумотларига кўра, Алам мотоциклда уйига кетаётганида, унга қарата ўқ узилган. У зудлик билан касалхонага олиб борилган, аммо етиб боргунича жони узилган.

Кейинги йилларда Покистон эркин матбуоти мисли кўрилмаган босимга учрамоқда.

Хайбар-Пахтунхва бир пайтлар «Ал-Қоида» ва Покистон Толибони сингари жангари гуруҳлар учун бошпана бўлган камбағал, зўравонлик тез-тез содир бўладиган ва диний жиҳатдан консерватив минтақадир.

Покистон – мухбирлар учун дунёдаги энг хавфли давлатлардан бири. 2020 йилда Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг глобал жазосизлик рейтингида Покистон 9-ўринни эгаллади. Покистонда камида 15 нафар журналист қотиллиги очилмаган.