Путин Грозний аэропортига Аҳмад Қодиров номини берди

Чеченистон пойтахти Грозний аэропорти.

Россия президенти Владимир Путин Чеченистон пойтахти Грозний аэропортига Аҳмад Қодиров номини бериш тўғрисидаги буйруқни имзолади.

Аҳмад Қодиров Чеченистоннинг биринчи президенти, амалдаги президент Рамзан Қодировнинг отаси. Жорий йилда унинг 70 йиллиги нишонланади.

Чеченистон собиқ президентининг номи бунга қадар 300та кўчага, Грознийдаги бош майдонга, Чеченистон давлат университетига, мактаблар, боғчалар ва масжидларга берилган. Бундан ташқари Аҳмад Қодиров номидаги кўплаб спорт клублари ва жамоалар мавжуд.

Аҳмад Қодиров 1995-1999 йилларда тан олинмаган чечен республикаси Ичкериянинг муфтийси бўлган. Кейинроқ у мухолифатга қўшилган ва Россияни қўллаб-қувватлаган.

2003 йилда у Чеченистон президентлигига сайланган. Лекин орадан олти ой ўтгач Грознийда амалга оширилган суиқасд оқибатида ҳалок бўлган.