Расман: Электр таъминотидаги узилишлар сони икки баравар камайди

Мамлакат энергетика тизимидаги воситаларнинг эскирганлиги муносабати билан эълектр таъминотида узилишлар кузатилмоқда.

Мониторинг маълумотларига кўра, 2020 йилда электр энергиясидаги узилишлар сони ва давомийлиги 2019 йилга нисбатан икки баравар камайган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати 10 ноябрь куни маълум қилди.

Расман билдирилишича, Ўзбекистонда мавжуд электр станциялари ва электр тармоқларини модернизация қилиш бўйича мунтазам иш олиб борилмоқда.

“Бу эса жорий йилда электр энергиясидаги узилишлар сонини икки баравар камайтиришга имкон берди”,-дейилади хабарда.

Вазирликнинг таъкидлашича, “Ўзбекистонда мавжуд электр станцияларининг жорий қуввати мамлакат аҳолиси ва иқтисодиётига, жумладан, куз-қиш даврида электр энергиясига бўлган талабни тўлиқ қондириш имконини беради”.

Аммо мамлакат энергетика тизимидаги воситаларнинг эскирганлиги муносабати билан электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда.

“Ҳозирги кунда фойдаланилаётган энергоқурилмаларнинг 50 фоизигача 30-40 йил давомида фаолият кўрсатади. Уларнинг жисмонан ва маънан эскириши ушбу энергоблокларнинг ишдан чиқишига олиб келади, бу эса электр станцияларининг айрим энергоблокларида узилишлар юз беришига олиб келади. Одатда уларни таъмирлаш учун 3-5 соат вақт кетади. Ушбу ҳолатлар қисқа муддатли электр узилишларининг сабаблари ҳисобланади”,-деб билдирди вазирлик.