Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавот етказиб берувчи Тошкент-Москва “Агроэкспресс” лойиҳаси ноябрь ойида синов қатновини амалга оширади, декабрь ойидан эса тўлиқ ишга тушади. Бу ҳақда Россия Иқтисодий тараққиёт вазирлиги маълум қилди.
Билдирилишича, бу борада Россия иқтисодий тараққиёт вазири Максим Решетников ва Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзақов Тошкентда 26 сентябрь куни ўтказган учрашув пайтида маълум қилинди.
“Агроэкспресс” лойиҳаси асосида Россияга сарҳил мева-сабзавотни мунтазам ва тезкор равишда чегара ва божхона текширувларидан енгиллаштирилган тарзда олиб ўтиш режалаштирилган эди.
Максим Решетников: “Бугунги кунда лойиҳанинг якуний босқичига тайёргарлик кетмоқда. Биз товарларни тез ва тўхтовсиз олиб ўтилиши процедурасини ҳамда темир йўл орқали ташувларнинг махсус тариф шартларини ишлаб чиқдик”, - деб айтган.
Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги сайтида Москва расмийлари билан учрашув бўлиб ўтгани ва унда икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар масаласи муҳокама қилингани билдирилди. Бироқ Ўзбекистон вазирлиги “Агроэкспресс” лойиҳаси ҳақида маълумот бермади.