Самарқандда 10 кунда саккиз киши, жумладан, 5 бола ис газидан вафот этди

Ўлим ҳолатлари печларнинг мўриси тозаланмагани оқибатида юз берган.

Ўлим ҳолатлари печларнинг мўриси тозаланмагани оқибатида юз берган.

Сўнгги 10 кун ичида Самарқанд вилоятида ис газидан заҳарланиш бўйича 4 ҳолат қайд этилди. Бунинг ортидан 8 киши вафот этди ва бир киши оғир аҳволда касалхонага ётқизилди.

Ис газидан заҳарланиб ўлганларнинг 5 нафари ёш бола. Бу ҳақда вилоят фавқулодда ҳолатлар бошқармаси вакили Сирожиддин Абдуллаев маҳаллий матбуотга маълум қилди.

Унга кўра, ўлим ҳолатлари табиий газ тармоғига уланган қўлбола печларнинг мўриси тозаланмагани оқибатида юз берган.

Расмий Самарқанд вилоятида октябрь ойининг бошларидан то шу кунгача 128 та уйда ёнғин чиққанини, ёнғинда 3 киши куйиб, касалхонага ётқизилганини ҳам таъкидлади.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси 2021 йилнинг май ойида Ўзбекистонда 2020 йилда ис газидан заҳарланиш бўйича 70 та ҳолат қайд этилгани ва 91 киши ўлганини билдирганди. 2020 йилда ис газидан ўлганлар сони 2019 йилга нисбатан 41 кишига кўп бўлган.

Мазкур муаммо 2020 йил 16 декабрида президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам қайд этилган эди.

Йиғилишда президент 2020 йилда рўй берган 56 та ис газидан заҳарланиш ва 106 та чақнаш ҳолати оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этгани, 190 нафари заҳарлангани ва куйиш тан жароҳатини олганини таъкидлаган.