Сирдарёда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистонга берган тавсияси синовдан ўтказилади

Иллюстратив сурат.

Сирдарё вилоятида 1 июлдан соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмлари билан боғлиқ, тажриба-синов лойиҳа ишлари бошланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида мазкур тажрибани Сирдарё вилоятида ўтказиш тўғрисида президент 2020 йил 12 ноябрда қарор қабул қилган.

Тажриба доирасида поликлиникаларда оилавий шифокор, унинг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат терапия ва педиатрия бўйича ёрдамчилари, патронаж ҳамширалари ва доядан ташкил топган гуруҳлар иш бошлайди.

Ҳар бир тиббиёт муассасасида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети шакллантирилади. Оилавий шифокор тор соҳа шифокорларига ва зарур ҳолларда туман, вилоят ҳамда республика шифохоналарига йўлланмалар беради.

Аҳолининг соғлиғи билан боғлиқ кўрсаткичларини мониторинг қилиш, уларни тиббиёт муассасасига бириктириш, касаллик тарихини юритиш, рецепт ёзиш ва тиббиёт муассасаларига йўналтириш ягона электрон платформа орқали амалга оширилади.

Тажриба-синов лойиҳасининг натижаларига кўра, давлат тиббий суғуртаси тизими республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич жорий этилади.