Табиий офат оқибатида Тожикистоннинг Кулоби 4 миллион доллар зарар кўрди

Кулобдаги сув тошқини.

Тожикистон ҳукумати бундан бир ой олдин Кулобда юз берган табиий офатдан кўрилган зиён миқдорини эълон қилди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, 11 май куни Кулобдаги селда 3 киши ҳалок бўлган, 43та уй бутунлай вайронага айланган ва 102та уйга зиён етган.

Бундан ташқари 4 мактаб ва болалар боғчаси, 6 километр йўл, 10та кўприк, 25 километр электр узатиш линияси, 65та темир-бетон пойдевор, 7 трансформатор, 13,5 километр соҳилни мустаҳкамлаш иншоотлари, 500 метр сув таъминоти қувурлари бузилган.

“Шунингдек, минглаб чорва, 136 гектар ерга экилган қишлоқ хўжалик экинлари вайрон бўлди”,-дейилади билдирувда. Кулобдаги зарар жами 4 миллион доллар экани айтилди.

Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитасининг билдиришича, 11 май куни Кулобдан ташқари яна 15та туман ва шаҳарда сел юрган. Бу офат оқибатида тўртта шаҳарда 9 киши ҳалок бўлган.