Вазирлар Маҳкамаси давлат олий таълим муассасаларининг ижарада яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади. Ижара ҳақининг бир қисми фақат кундузги таълим шаклида ўқиб, ижарада яшайдиган талабаларга татбиқ этилади.
Адлия вазирлигининг билдиришича, ойлик ижара тўловининг бир қисми солиқ хизмати органлари томонидан ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномасига ва талаба берган аризага мувофиқ тўланади.
Талаба ҳужжатларни ўзи таълим олаётган факультетнинг ёшлар билан ишлаш бўлими декан ўринбосари ёки ОТМнинг талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи бўлимига топширади.
Ҳужжатлар бир ҳақта ичида ўрганилади ва талабгорларни танлаб олиш комиссиясига тақдим этилади. Комиссия бир иш кунида талабгорлар тўғрисидаги маълумотларни ўрганиб чиқиб, қарор қабул қилади.
Ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 1 баравари, қолган ҳудудларда – БҲМнинг 0,5 бараваридан ошмаслиги лозим.