Тожикистон прокуратураси мухолифатчига 15 йил қамоқ жазосини сўради

Тожикистон Бош прокуратураси 5 декабрда Одинаев ҳибсга олинганлиги ҳақида баёнот берган.

Тожикистон прокуратураси суддан таниқли мухолифатчи Маҳмурод Одинаевни 15 йилга қамашни талаб қилмоқда. “Безорилик” ва “экстремизмга чорлаш”да айбланаётган Тожикистон социал-демократлар партияси раисининг ўринбосари Маҳмурод Одинаевнинг ўзи ушбу айбловларни “сиёсий фаолияти” билан боғлаган.

59 яшар Одинаев Тожикистонда ўз Facebook саҳифаси орқали марказий ҳукуматга нисбатан танқидий чиқишлари билан танилган. Одинаевнинг ўғли Ҳабибулло Ризоев ҳам 25 январь куни Душанбеда бўлиб ўтган айни маҳкамада “безорилик” моддаси бўйича судланган эди. Ризоевнинг ўзи айбдорлигини инкор этган.

Мухолифатчи 20 ноябрда озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кўтарилишига норозилик сифатида митинг ўтказишга рухсат олиш учун Душанбе мэриясига борган ва ўшандан бери бедарак йўқолган эди. Тожикистон Бош прокуратураси 5 декабрда Одинаев ҳибсга олинганлиги ҳақида баёнот берган.

Баёнотда айтилишича, Маҳмур Одинаев ўғлини ҳарбий хизматга сафарбар этиш масаласида мутасаддилар билан жанжал чиқарган.

Аввалроқ, Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Одинаевнинг яна бир ўғлига нисбатан “безорилик” моддаси асосида жиноят иши қўзғатганини билдирган эди.

Маҳмур Одинаевнинг айтишича, унинг сиёсий фаолиятига қарши кампания доирасида “номаълум шахслар ўғлини калтаклаб кеган”.