Тожикистон томони ўғирланган икки автомобилни Қирғизистонга қайтариб берди

Тожикистон-Қирғизистон низосида зарар кўрган бинолардан бири.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 5 май куни маълум қилишича, айни дамда қирғиз-тожик чегарасида вазият барқарор.

Чегара хизмати тўқнашувлар давомида ўғирланган Қирғизистон фуқароларига тегишли икки машина қайтариб берилганини маълум қилди.

5 май куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев зарар кўрган чегара пунктларини кўздан кечирмоқда.

28-30 апрель кунлари қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган қуролли тўқнашувда 36 нафар қирғизистонлик нобуд бўлди, 189 киши жароҳат олди.

Тожикистон ҳукумати қурбонлар сонини расман эълон қилгани йўқ. Озодлик радиосининг тожик хизмати тўплаган маълумотларга кўра, тўқнашувда камида 20 одам ҳалок бўлган, 90 киши жароҳат олган.

Қирғизистон ҳукумати маълумотларга кўра, чегарадаги тўқнашувларда 136 уй бутунлай вайрон бўлган. Уларнинг 46 таси Боткен туманида, 93 таси Лайлак туманида жойлашган.

Бундан ташқари, бешта умумтаълим мактаби, иккита фельдшерлик пункти, учта болалар боғчаси, иккита полиция участкаси, 24 ёқилғи қуйиш шохобчаси, 60 тижорат объекти, иккита чегара пости ва бир клуб зарар кўрган.