Тожикистон Қозоғистонда судланган ватандошларини қабул қилишдан бош тортди

Тожикистон ҳукумати Қозоғистонда террорчиликда айбланиб судланган етти ватандошини қабул қилишдан бош тортди.

Ўтган йилнинг сентябрида Олмоата шаҳар туманлараро суди ҳукми билан Тожикистон ватандошлари Қосимжон Ғиёсов 18, Абдуҳалим Давлатов ва Неъматулло Неъматов 14, Парвиз Тўйчиев, Султони Аминзода, Шарифали Сафаров ва Сайфулло Қосимов 12 йилга қамалган эди.

Уларнинг барчаси “Теракт содир этишга тайёргарлик” ва “Ноқонуний равишда портловчи мослама ясаш”да айбдор деб топилган.

Тожикистон Бош прокуратураси Қозоғистоннинг бу маҳкумларни қабул қилиб олиш илтимосини рад этди. Бунга Тожикистон оғир жиноятларни содир этган ватандошларини қабул қилмаслиги сабаб қилиб кўрсатилди.

Аввалроқ қамоқдаги тожикистонликларнинг қариндошлари Қозоғистон ҳукуматига маҳкумларни ватанига қайтариш илтимоси билан мурожаат қилган эди.

Тожикистон Бош прокуратурасидаги манбанинг айтишича, расмий Душанбе 2019 йилда мамлакат қамоқхоналарида содир бўлган исёнлар ортидан оғир жиноятларни содир этганларни қабул қилмаслик тўғрисида қарор қабул қилган.

2018 йилнинг ноябрида Хўжанд, 2019 йил майда Ваҳдат шаҳридаги қамоқхоналарда исёнлар бўлиб, уларда 50 киши ўлган эди.

Ҳукумат бу исёнлар учун масъулиятни “Ислом давлати” террор гуруҳининг аъзолари сифатида судланиб қамалган маҳкумларга юклаган.