Токио-2020 Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон 16-ўринни эгаллади

Паралимпия ўйинлари Токиода 24 августдан 5 сентябргача ўтказилди.

Токиода 24 августдан 5 сентябргача ўтган навбатдаги Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон 162 давлат орасида 16-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон жамоаси мусобақаларда эса 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза, жами 19 та медалга сазовор бўлди.

“Бу кўрсаткич Осиё жамоалари (Хитой, Япония ва Эрондан сўнг) ва МДҲ мамлакатлари (Россия, Украина ва Озарбайжондан кейин) орасида тўртинчи, Марказий Осиё ва Туркий халқлар орасида биринчи бўлди”,-дейилади Миллий Олимпия Қўмитаси баёнотида.

Рио-2016 Паралимпия ўйинларида ҳам Ўзбекистон 8 та олтин медаль билан умумжамоа ҳисобида 16-ўринни эгаллаган эди.

Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон жамоасининг 48 нафар спортчиси 8 спорт тури бўйича иштирок этди.

Аввалроқ Токиодаги ёзги Паралимпия ўйинларида иштирок этиш учун 21 август куни Японияга етиб борган Ўзбекистон паралимпия терма жамоаси аъзоларидан икки нафарида коронавирус аниқлангани ва улар карантинга олингани хабар қилинган эди.