Тошкент касалхоналарида даволаниш ордер тизими асосида амалга оширилади

Ҳар бир беморга ордер асосида даволаниш учун бюджетдан маблағ ажратилади.

Тошкентда аҳолининг имтиёзга эга бўлмаган қатлами -18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар ва 18 ёшдан 55 ёшгача бўлган аёллар бундан буён давлат бюджети ҳисобидан даволаниш учун бериладиган йўлланма (ордер)лар асосида касалхоналарга қабул қилинади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, бу борада Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси қарор қабул қилган. Қарорга асосан, пойтахтдаги 11 та шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалари ва 64 та оилавий поликлиника шифокорлари режали равишда стационар даволанишга муҳтож шахсларга ордер беради.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Алимовнинг маълум қилишича, ордер асосида шу кунгача имтиёзга эга бўлмаган 60 минг нафардан ортиқ фуқаро йил давомида бюджет маблағлари ҳисобидан кафолатланган режали стационар даволанишга жўнатилади.

Расман билдирилишича, касалхонага ордер асосида ётқизилган ҳар бир бемор учун 2,5-3 миллион сўмдан маблағ ажратилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таъкидлашича, бунга қадар республика тасарруфидаги тиббиёт муассасалари (клиник шифохоналар ва илмий-амалий тиббиёт марказлари) ҳамда шаҳар клиник шифохоналари томонидан фақатгина имтиёзга эга бўлган аҳоли қатламига, яъни ёши 60дан ошган эркакларга ва 55дан ошган аёлларга бепул тиббий хизмат кўрсатиб келинган эди.