Тошкент яқинида маҳаллий журналист калтаклаб кетилди

Бахтиёр Эсоновнинг ўзи калтакланишини касбий фаолиятига боғламаяпти

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қарашли “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” журнали мухбири Бахтиёр Эсонов 21 ноябрь куни номаълум шахслар томонидан калтакланиб, дала четидаги ариққа ташлаб кетилди.

Эсоновнинг яқинлари Озодликка ҳозирда Тошкент Тиббиёт Академияси клиникасида муолажа олаётган журналистнинг аҳволи қониқарли экани, аммо жароҳатлари битиши учун узоқ муддатли даволанишга тўғри келиши мумкинлигини маълум қилишди.

Тошкент вилояти Зангиота тумани ИИБ тергов бўлимидан олинган маълумотга кўра, журналистга ҳужум қилган икки нафар шахс қўлга олинган. Уларнинг ёнидан журналист Бахтиёр Эсоновнинг 1,1 миллион сўм пули, Redmi русумли уяли алоқа телефони ҳамда хизмат гувоҳномаси топилган.

Дастлабки суриштирувларга кўра, 21 ноябрь куни ишдан қайтаётган мухбир хусусий киракашлар машинасига ўтирган. Ҳайдовчи Тошкент вилояти Зангиота тумани Назарбек қўрғонига етмасдан рулни яйдоқ дала четига буриб, журналистдан пул ва бошқа ашёларини чиқаришини талаб қилган. Сўнгра уни икки номаълум шахс уни уриб, “ўлди” деган гумон билан дала четидаги ариққа ташлаб кетишган.

Озодлик журналист Бахтиёр Эсоновнинг ўзи билан ҳам гаплашишга муваффақ бўлди.

21 ноябрь куни ишдан қайтаётиб, хусусий киракашларнинг машинасига ўтирдим. Улар ярим йўлда машинани дала томонга буриб, менга пичоқ билан пўписа қилишди. Сўнг дўппослаб, нарсаларимни тортиб ола бошлашди. Ўзимга келиб, машинанинг рақами 10 O 538 TA эканини эсладим. Амаллаб уйга етиб олгач, тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилдим”, - деди журналист.

Шифокорлар хулосасига кўра, калтакланиш оқибатида журналистнинг тишлари синган, танасида оғир гематома асоратлари бор, бош қисмида эса жиддий жароҳатлар мавжуд.

Шунингдек, унинг тана қисмида кўплаб шилинмалар, ички қон кетиши ва тана аъзоларининг синиши билан боғлиқ жароҳатлар бор.

Тошкент вилояти Зангиота тумани ИИБ навбатчилик қисми журналистнинг калтакланишига оид вазиятга изоҳ бермаслиги, бу ҳодиса унинг касбий фаолияти билан боғлиқми-йўқлигига оид маълумотларга эга эмаслигини билдирди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг телефон гўшагини кўтарган ходимаси бу ҳодисадан бехабарлигини таъкидлади.

Айни пайтда Б. Эсоновнинг ўзи калтакланишига касбий фаолияти сабаб бўлгани эҳтимолдан йироқ эканини қайд этди.