Тошкентда яна қалбаки доллар сотаётган шахслар қўлга олинди

Қалбаки юз доллар. Иллюстратив сурат.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ДХХнинг Миробод туман бўлими ўтказган тезкор тадбирда 16 дона қалбаки 50 долларликларни фуқаро С..га сотаётган О.С., ва бошқалар қўлга олинди.

Бош прокуратуранинг билдиришича, О.С., қалбаки 800 долларни 500 долларга сотган вақтида ушланган. Тадбир давомида О.С.,нинг ёнидан яна 7 дона қалбаки 50 купюрадаги 350 АҚШ доллари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро О.С. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда қалбаки доллар ва еврони муомалага киритмоқчи бўлганлар қўлга олинаётгани тўғрисидаги хабарлар кўпайди.

Жумладан, бир неча кун олдин Тошкент вилояти Зангиота туманида қалбаки 5 минг долларни сотаётган шахслар қўлга олинганди. Март ойининг бошларида Тошкент шаҳрининг Миробод туманида қалбаки 5,5 минг еврони сотмоқчи бўлган шахс ушланган. 2021 йил февралида Тўрақўрғон туманида 200 дона қалбаки 100 долларликни 9 минг долларга сотаётган шахслар қўлга олинган.