Тошкентда ўн ёшли ўғил болани зўрламоқчи бўлган таксичи ушланди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси сайтидан олинган сурат.

Тошкентда 10 ёшли ўғил болани зўрлашга ҳаракат қилганликда гумонланган шахс қўлга олингани ҳақида 9 март куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълум қилди.

“Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан гумон қилинувчининг шахси аниқланди, у 47 ёшли Ғайрат Д. Ҳозирги кунда у ушланган ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 119-моддаси 4-қисми билан айб эълон қилиниб, суд томонидан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда”,-дейилади хабарда.

Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисми ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилган шахсларга нисбатан қўлланилади.
7 март куни Озодлик радиоси Тошкент шаҳрида 10 яшар ўғил болага нисбатан фаҳш ҳаракатлар қилган такси ҳайдовчиси қидирилаётгани ҳақида хабар берган эди.

Ўшанда пойтахт Ички ишлар бошқармаси жорий йилнинг 28 февраль куни Чилонзор тумани ИИО ФМБга 30 ёшли Бобур Ж., такси ҳайдовчиси ўғлини зўрламоқчи бўлгани ҳақидаги арзиа билан мурожаат қилганини билдирганди.

Маҳаллий нашрларга боланинг отаси воқеа тафсилотларини айтиб берган. Унга кўра, ўғли таксига ўтириб бошқа туманда яшайдиган қариндошлариникига кетаётган бўлган. Йўлда таксичи машинасини овлоқ жойга тўхтатиб, орқа ўриндиққа чиқиб ўтирган. Шундан сўнг у шимини ечиб, уятсиз ҳаракатлар қилган.

Болакай йиғлаб, қаршилик кўрсатгач, ҳайдовчи “ўз ишини тўхтатиб”, уни манзилига етказган ва бўлиб ўтган воқеани “ҳеч кимга айтмасликни” маслаҳат берган.