Россия Туркистонни босиб олганидан сўнг “оқпошшонинг укаси учун” қурилган Тошкентдаги Романовлар саройи давлат бюджети ҳисобидан реконструкция қилинади. “Газета уз”нинг ёзишича, бу ҳақда 2 октябрь куни Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси уюштирган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Икки қаватли дабдабали сарой реконструкция қилингани ортидан унга Ўзбекистон санъат музейи коллекциясида сақланаётган 500 экспонат жойлаштирлади.
Авваллари саройни безаб турган мармар ва бронза ҳайкаллардан ташқари 120 та тасвирий санъат асари, 75 та ҳайкал ва 20 дан ортиқ мебел жиҳозлари саройга қайтарилади.
“Романовлар саройининг реставрация қилиниши ёшларнинг ўз шаҳри тарихига эътиборини оширади, ёшларни унинг маданияти ва санъатига жалб қилади”, - деб баёнот берди матбуот анжуманида туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов.
Мазкур сарой 1891 йилда машҳур архитекторлар Александр Бенуа ва Вильгельм Гейнцельман лойиҳаси асосида барпо этилган.
1918 йилда вафот этган Николай Константинович Романов Россия императори Николай I нинг невараси, Россия императори Александр II нинг кичик укаси бўлган. У ўз уйини Тошкент музейига айлантириш шарти билан шаҳар аҳолисига ҳадя сифатида қолдирган.
1940-1970 йилларда мазкур бино “Пионерлар уйи” сифатида фойдаланилган. 1980 йилларда бу ерда Ўзбекистон антиқа ва заргарлик буюмлари музейи ташкил қилинган.