Трамп миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Майкл Флинни афв этди

Миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчи Майкл Флин.

АҚШ президенти Дональд Трамп миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Майкл Флинни афв этгани тўғрисида маълум қилди.

Майкл Флин 2017 йилда маслаҳатчи лавозимига тайинланганидан бир неча ҳафта ўтгач, истеъфо беришга мажбур бўлганди. Бунга Флин Россия элчиси Сергей Кисляк билан телефон мулоқотлари тўғрисида вице-президентга нотўғри маълумотлар бергани сабаб қилиб кўрсатилган.

Кейинроқ Флин бу мулоқотлар тўғрисида ёлғон маълумот берганини тан олган. Унга кўра, элчи билан мулоқотда Россияга қарши санкциялар масаласи ҳам муҳокама қилинган. Бунинг ортидан Флинга нисбатан жиноят иши қўзғатилган эди.

АҚШ махсус прокурори Роберт Мюллер суддан Флинни қамоққа ҳукм қилмасликни илтимос қилган. Прокурор Флин Россиянинг 2016 йилдаги АҚШ президентлик сайловига аралашгани тўғрисида қимматли маълумотларни берганини билдирган.