Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов 29 августда Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель билан телефон суҳбатида Афғонистон қочқинлари мамлакатга киритилмаслигини расман билдирди.
Бердимуҳаммедов коронавирус пандемияси даврида аҳоли “саломатлигига хавф туғдирилмаслиги учун” қочқинларни қабул қилиш бўйича “тўғри қарорлар қабул қилиниши шарт”лигини таъкидлаган.
Айни пайтда Туркманистон ҳукумати шу кунгача мамлакатда коронавирус борлигини тан олмай келмоқда ва бу борадаги барча маълумотларни сир тутмоқда.
Бердимуҳаммедов телефон мулоқоти чоғида Туркман- Афғон чегарасидаги назорат ўтказиш пунктлари ва Туркманистоннинг Мазори Шариф ва Ҳиротдаги консулликлари одатдаги режимда ишлаётганини билдирди.