Туркманистон президенти яқин орада Ўзбекистонга боришини билдирди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов “яқин кунларда Тошкентга расмий ташриф билан бориши” ҳақида Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Бердимуҳаммедов бу ҳақда 7 сентябрь куни ўтказилган йиғилишда гапирган. Унга кўра, Тошкентда ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар тўплами имзоланади.

Бердимуҳаммедов бундан олдин Ўзбекистонга 2019 йилнинг ноябрь ойида келган эди. Президент Шавкат Мирзиёев эса Бердимуҳаммедов билан сўнгги марта жорий йилнинг август ойида Туркманистонда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари президентларининг учинчи маслаҳат йиғилиши доирасида учрашганди.

Учрашувдан сўнг Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни ўзи учун қулай вақтда расмий ташрифи билан Ўзбекистонга келишни таклиф этган.