Туркманистонда COVID-19 кучайгани ортидан ўқув йилининг бошланиши ортга сурилди

Туркман ўқувчилари.

Туркманистон ўрта мактабларида ёзги таътил узайтирилиб, ўқув йилининг бошланиши ортга сурилди. Университетларда эса ўқиш қисман онлайн режимда олиб борилиши айтилмоқда. Бу ҳолат мамлакатда COVID-19нинг кучайгани билан боғлиқлиги ҳақида Озодлик радиоси туркман хизмати мухбирлари хабар берди.

Ашхабоддаги касалхоналардан бирининг шифокори радио мухбирига берган интервьюсида: “Ашхабодда вирус билан боғлиқ вазият ўта жиддий. Вирус юққан одамларни мунтазам касалхоналарга олиб келишмоқда. Ҳар икки кишидан бирига коронавирус юққан десак ҳам бўлаверади”,-деб айтган.

Мухбирларнинг билдиришича, 31 август куни биргина Мари вилоятида расман 60 киши коронавирусдан ўлган.

Озодлик радиоси туркман хизмати мухбирлари мамлакатдаги иқтисодий инқироз ортидан пулсизлик ва ишсизликдан қийналган аҳоли дори-дармон сотиб олиш имкониятига эга эмаслигини айтмоқда.

Туркманистон ҳукумати шу кунгача мамлакатда коронавирус мавжудлигини тан олмаган ва бу борадаги маълумотларни сир сақлаб келмоқда.