Туркманистонда полиция соқоллиларга ароқ ичирмоқда

Туркманистоннинг Лебоп вилоятида маҳаллий полиция “исломий кўринишдаги шахслар”ни таъқиб қилмоқда, уларни соқолини олишга ва ароқ ичишга мажбурламоқда. Озодлик радиоси туркман хизматининг маълум қилишича, бу йўналишда полиция мунтазам рейдлар ўтказмоқда ва ўз чақимчиларидан фойдаланмоқда.

Радио мухбирларининг билдиришларича, ўтган ҳафтада асосан Фароп ва Чоржў этрапларида ўтказилган рейдлар давомида ёши 55 ёшдан ошган, анъанага кўра соқол қўйган ва намоз ўқийдиган одамлар маҳаллий ҳокимиятларга чақиртирилиб, улар билан “тушунтириш ишлари” ўтказилган.

Полиция рейд давомида кўчада бораётган бир нечта соқолли шахсни тўхтатиб, уларни “диний экстремистлик” ва “ваҳобийлик”да гумонлаб полиция бўлимига олиб борган. Шундан сўнг соқоллилар ароқ ичишга мажбурланган.

Фаропдаги рейд давомида полиция хусусий уйлардан бирида намоз ўқишга йиғилган 10 кишини қўлга олган. Уларнинг барчасига “карантин қоидаларини бузиш” айблови билдирилган.

Озодлик радиоси туркман хизмати мазкур воқа юзасидан расмийлардан муносабат олишга муваффақ бўлмади.

Туркманистонда соқол ҳукумат расмийларининг оғзаки буйруғи асосида бир неча йил аввал тақиқлангани айтилади. Бироқ расмийлар шу кунгача бу масалада тушунтириш бермаган.