Тўрақўрғон ИЭСда рўй берган авария ортидан наманганликлар электрсиз қолди

Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида жойлашган иссиқлик электр станцияси фавқулодда ўчиши натижасида Ўзбекистон Республикаси энерготизимида 750 мВт қувват йўқотилган.

Бунинг натижасида, “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти матбуот хизмати маълумотига кўра, вилоятнинг кўплаб ҳудудида электр энергиясида узилиш содир бўлган.

Наманган ҲЭТК оператив диспетчерлик хизмати бошлиғи Муҳаммадали Ирисқуловга кўра, авария 20 ноябрь куни маҳаллий вақт билан 15:45 да юз берган. Мулозим ИЭСдаги икки агрегат тўхтатгани ортидан Наманган вилоятининг 27 та 110 кВтли тармоғи фавқулодда ўчиб қолганини қайд этган.

Шундан сўнг Россия билан Ўзбекистон энерготизимини боғловчи 500 кВтли 530-линия ҳам 1500-1700 мВт қувват билан ишлаб турган вақтда зўриқиш натижасида энергия тизимидан узилди. Фавқулодда ўчиш сабаблари мутахассислар томонидан ўрганилмоқда. Ҳозирда Наманган вилоятида тахминан 200-250 мВт атрофида қувват йўқотилган”, деган мулозим авария бартараф этилиши билан аҳоли яна тўла электр билан таъминланишини қўшимча қилган.

Айни пайтда М. Ирисқулов авария ортидан Наманганда қанча хонадон ва ташкилот электрсиз қолгани ҳамда авария оқибатларини бартараф қилиш учун қанча вақт керак бўлишига аниқлик киритмади.

Ҳодиса ҳаво ҳарорати кескин пасайган ва мамлакат бўйлаб, жумладан, Наманган вилоятида электр таъминотида узилишлар кўпайган бир пайтда юз бермоқда.

19 ноябрь куни Озодлик бир кун аввал Чортоқ шаҳрида 25 яшар ногирон йигит ис газидан вафот этгани ҳақида хабар қилган эди. Яқинлари фожиага электрдаги уўилишлар сабаб бўлганини айтишган.

20 ноябрь куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги таъминотдаги узилишларга совуқ об-ҳаво туфайли электр энергияси истеъмолининг кескин ортиши сабаб бўлганини айтган.

Вазирликка кўра, қисқа муддатли узилишлар тизимдаги катта аварияларнинг олдини олишга имкон беради.

Вазирлик, шунингдек, "электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши кузатилган пайтда ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия балансини таъминлаш жуда қийин вазифа бўлиб қолаётганлиги"ни айтган.

Ўзбекистон расмийлари ўтган йилларда ҳам шу каби изоҳларни беришган, аммо ҳукумат доиралари ва парламентда энергетика инқирозининг асл сабаблари ва уларни ҳал қилиш юзасидан муҳокамалар йўқ.

Аҳолини газ ва электр билан таъминлаш масаласи Олий Мажлис палаталарининг 20 ноябрь куни очилган қўшма мажлисида ҳам муҳокама қилинган, аммо Сенат бу масалада Энергетика вазирлиги ва бошқа масъул идораларга сўров йўллаш ҳақидаги қарор билан чекланган.