Учта туманда ишсизликни камайтириш учун боғлар яратиш режалаштирилмоқда

8 220 гектар ғалла майдони қисқартирилиб, боғ ва токзорлар ташкил қилинади.

Наманган вилоятининг Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида аҳоли ишсизлигини камайтириш учун туман ҳокимликлари захирасидаги яхлит 300-500 гектар майдонларда плантация усулида интенсив боғ ва токзорлар барпо этилиб, лизинг асосида 7 йил муддатга аҳолига берилади.

“Наманган вилоятининг Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида мана шу ҳақда гап боради.

Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида 2021–2022 йилларда 8 220 гектар ғалла майдони қисқартирилиши назарда тутилган.

Қисқартирилган майдоннинг 1 850 гектарида замонавий интенцив боғ, 1 300 гектарида токзор ташкил этилади.
Бундан ташқари 1 440 гектар ерга сабзавот, 960 гектар ерга картошка, 1 510 гектар ерга дуккакли ва 1 160 гектарга мойли экинлар экилади.

Мазкур туманларда сертификатланган сабзавот, дуккакли ва мойли экинлар уруғларини ҳамда мевали дарахт ва ток кўчатларини етиштирувчилар томонидан тўланадиган ер солиғи 3 йил муддатга 50 фоизга камайтирилади.