Фарғона вилоят ҳокимлиги мажбурий меҳнатга оид хабарларни афсона деб атади

Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ҳикматли сўзлари деворга муҳрлаб қўйилган.

Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда “Фарғоналиклар:” ”Озодликнинг афсоналарига ишонмаймиз!” деган сарлавҳа остида видеосюжет эълон қилди.

Ҳокимлик матбуот хизмати вилоят телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда тайёрлаган, 3,13 дақиқа давом этадиган сюжетда матбуот анжуманлари ўтказиш учун жиҳозланган залга йиғилган бир неча ўн кишидан бир нечасининг “Озодлик” радиосига қарши чиқишларидан узиндилар бирин-кетин монтаж қилинган.

Видеосюжетда “Фарғонаазот” акциядорлик жамияти вакили корхона раҳбарияти томонидан ишчиларга пахта теримига чиқиш буюрилмаганини билдиради. Корхона вакилининг гапини унинг ортидан гапирган киши қувватлайди.

Сўзлари мазмунидан журналист эканлиги тушуниладиган аёл “Озодлик”ни ёлғон информация тарқатганликда айблар экан, “Озодлик”даги ҳамкасбларимиз маҳшарда, Худонинг олдида нима деб жавоб берар экан?” деб риторик савол қўяди.

Сюжетда нутқларидан узиндилар келтирилган нотиқларнинг исм-фамилиялари, уларнинг иш жойлари келтирилмаган.

Сарлавҳасидан ва мазмунидан “Озодлик”дан ташқари вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид биронта ҳам масала муҳокама қилинмагани тушуниладиган мажлис тўғрисидаги бу сюжет youtube.comга 5 октябрда жойлаштирилганидан бери, ушбу хабар ёзилаётган соатда 340 марта кўрилди.

Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг “Озодлик”ка қарши йиғилиш уюштиришидан бир неча кун олдин “Озодлик” вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев олиб боргани айтилган йиғилиш аудиоси ҳақида хабар қилган эди. Мажлисда вилоят ҳокими Фарғонада "беўхшов соқол" қўйган ва рўмол ўраганга қатъий чора кўришни буюрган.

Бу хабар ортидан Ўзбекистон Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Шуҳрат Ғаниевга қатъий огоҳлантириш ва 3 ойлик синов муддати берди.

Олдинроқ Қўқон шаҳрида ўтказилган Халқаро ҳунармандчилик фестивали арафасида корхона, ташкилот, муассасалар ишчи-хизматчилари мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани тўғрисида “Озодлик” бир неча марта хабар қилган эди.

Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг “Озодлик”ка қарши йиғилиши Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (АОКА) давлат ташкилотлари матбуот хизматлари фаолиятига бағишлаб ўтказилган йиғилиш билан бир вақтга тўғри келди.

4 октябрь кунги йиғилишда агентлик раҳбари Комил Алламжонов ва унинг ўринбосари Саида Мирзиёева давлат ташкилотларидаги матбуот хизматларини фаолиятсизликда танқид қилди.

Матбуот котибларини бугунги медиамакон талабларига мос тезкорлик билан реакция билдирмаётганликда айблаган Комилжон Алламжонов “ахборот уруши” деган жумлани қўллади.

“Озодлик” радиоси Ўзбекистоннинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ҳаётига оид воқеа-ҳодисаларни мунтазам ёритиб келади.

Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг “Озодлик”ка қарши йиғилишида вакили сўзга чиққан “Фарғонаазот” корхонаси ишчиларидан келган қуйидаги хатни “Озодлик” 14 сентябрь кунги материали таркибида эълон қилган эди:

“Мажбурий пахтага чиқасан, деяпти. Ишчиларни мажбурлаб, “ўз ихтиёрим билан чиқаяпман, дейсан, акс ҳолда ишдан кетасан” деяпти. Ўзлари яхши овқат ейди. Биз эса Жиззахдаги молхонада 3,5 ой макарон ва атала ичамиз. Бу қачон тугайди? Сабримиз тугаяпти”, дейилган “Фарғонаазот” корхонаси ишчилари номидан Озодликка келган мактубда.

“Фарғонаазот” вакили “Озодлик”ни ёлғончига чиқариб инкор этаётган бундай ҳолатлар мамлакатнинг бошқа вилоятларида ҳам кузатилаётганини сайтимизнинг Paxtagram рукнида эълон қилинаётган материаллар билан танишиб ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Мажбурий меҳнатга, хусусан, пахта теримида қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришига алоқаси йўқлар меҳнати эксплуатациясига қарши тегишли идоралар курашаётгани тўғрисидаги хабарлар билан ҳам “Озодлик” ўз муштарийларини вақтида таништириб келмоқда.

Хусусан, 7 октябрда Меҳнат ва бандлик вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси Сурхондарё вилоят, Денов туман Телекоммуникация боғланмаси ва Чорвачиликни ривожлантириш ва ветеринария бўлими раҳбарларига ишчи- хизматчиларини мажбурий меҳнатга жалб этгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган миқдорда жарима белгилагани тўғрисида хабар берилди.