Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:41

Фарғонада тунги йиғилишга кетаётган мактаб раҳбарлари аварияда ҳалок бўлди


Бу суратнинг Фарғонада рўй берган воқеага алоқаси йўқ.
Бу суратнинг Фарғонада рўй берган воқеага алоқаси йўқ.

Фарғона вилояти Данғара туманидаги тўртта мактабнинг директор муовинлари автоҳалокатга учради. Улардан икки нафари воқеа жойида ҳалок бўлди, қолган икки нафари оғир аҳволда касалхонага ётқизилди. Бахтсиз ҳодиса якшанба, 29 сентябрь куни кечки пайт A-373 магистрал йўлининг Қўқон шаҳридан ўтувчи қисмида юз берди.​

Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, мактаб раҳбарлари муовинлари Фарғона вилоят ҳокимлигида ўтказиладиган йиғилишда қатнашиш учун йўлга чиққан.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига кўра, "йўл-транспорт ҳодисасига учраган ҳайдовчи ва йўловчилар ўзларининг шахсий юмушлари билан Данғара туманидан Қўқон шаҳрига кетишаётганлиги аниқланган".

Воқеа гувоҳларнинг Озодликка айтишича, мактаб раҳбарлари муовинлари Фарғона вилоят ҳокимлигида 30 сентябрга ўтар кечаси ўтказилган тунги мажлисда қатнашиш учун қарийб 90 километрлик масофага "Нексия -1" машинасида йўлга чиққан.

Машинани бошқариб кетаётган 25-мактаб директори ўринбосари рулда ухлаб қолгани сабаб автоулов йўлдан чиқиб кетиб, йўл четидаги кўча чироғи устунига урилган ва ёниб кетган.​

Оқибатда ҳайдовчи ва олдинги ўриндиқда ўтирган 26-мактаб директори муовини ҳалокат жойида жон берган, орқа ўриндиқда ўтирган мактаб директори муовинлари оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.

- Учала замдиректор машинада Фарғона шаҳрига вилоят ҳокимлигидаги соқол, рўмол масаласига бағишланган тунги селекторга кетаётган бўлган. Шу куни тунги соат 1 ларга мажлисга айтилган бўлса¸ булар 11 ларда йўлга чиқишган. Қўқон шаҳридан ўтишда ҳайдовчи ухлаб қолган. Машина йўл четига чиқиб кетган, - деди ўлганлардан бирининг қариндоши 1 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда.

Аварияда ўлганлардан яна бирининг қариндоши Озодликка бу фожиа ортидан муаллимлар куни Данғарада мотамга айланганини айтади.

- Якшанба куни буларни тўсатдан шаҳарга мажлисга чақиртиришган. Йўлкира арзон бўлсин деб¸ тўрттаси бир машинада йўлга чиқишган. Куни билан ишлаб чарчаганми, ухлаб қолган. Кеча жанозаси бўлди, бугун маъракаларини ўтказдик. Ўқитувчилар куни қишлоғимизда мусибатга айланди, - дейди марҳум қариндошларидан бири.

Фожиа содир бўлган Қўқон шаҳар Ички ишлар бўлими навбатчиси Озодликка ҳодиса юзасидан терговолди суриштируви олиб борилаётганини айтди.

1 октябрь - Ўқитувчилар куни муносабати билан Ўзбекистонда расман дам олиш куни бўлгани боис Озодлик Фарғона вилояти ва Данғара туман ҳокимлиги расмийларидан воқеа юзасидан изоҳ ололмади.

Данғара туман Халқ таълими бўлими раҳбари Алимардон Содиқов эса¸ Озодлик мухбирининг уяли телефонига қилган қўнғироғига жавоб берди¸ аммо саволни эшитгач алоқани узиб қўйди. Қайта боғланиш уринишлари натижасиз қолди.

ИИВ халқ таълими ходимларининг селекторга кетаётганини рад этди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги айни пайтда халқ таълими ходимларининг вилоят ҳокимиятида тунги селекторга кетаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Вазирлик 2 октябр куни воқеа юзасидан баёнот чиқарди. Унда йўловчилар шахсий юмушлари билан Қўқонга боришаётган бўлгани айтилади.

"Ўрганишлар жараёнида шу куни, яъни 29 сентябрда Фарғона вилояти Ҳокимлигида йиғилиш ёки селектор ўтказилиши белгиланмаганлиги, шунингдек йўл-транспорт ҳодисасига учраган ҳайдовчи ва йўловчилар ўзларининг шахсий юмушлари билан Данғара туманидан Қўқон шаҳрига кетишаётганлиги аниқланган", - дейилади ИИВ баёнотида.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бош вазирликка тайинлаган дастлабки йилларда "ихтиро" қилинган селектор йиғилишлари ҳукумат раҳбарларининг ўрта ва қуйи поғона раҳбарлар билан мулоқот қилиш усулидир.

2017 йил баҳорида Шавкат Мирзиёев республика даражасидаги раҳбарлар учун «фавқулодда ҳолат» эълон қилиб, кучайтирилган тартибда иш олиб борилишини айтган эди. Шундан сўнг, давлат амалдорлари «24 соатлик режим»да ишлашга ўтган эди.

Бундай топшириқ ижтимоий тармоқларда Меҳнат кодексига зид дея танқид ва эътирозларга учраши ортидан¸ 2018 йил 27 август кунги девон йиғилишида Мирзиëев мансабдор шахсларнинг шанба куни соат 17:00 гача ишлаб, якшанба кунлари оиласи билан дам олишини айтган эди.

30 сентябрь куни Reuters агентлиги Ўзбекистонда уч йилдан бери дам олишларсиз кунига 15 соатдан ишлаётган давлат амалдорларининг доимий чарчоқ ва стресс шароитида яшаëтгани ҳақида мақола эълон қилди.

Агентликнинг ëзишича¸ сентябрь ойида Тошкентда халқаро шартномалардан бирини имзолаш пайтида ўзбек амалдори ҳушидан кетиб йиқилган ва ҳамкасблари унинг қаттиқ стрессда ишлаб келганини айтган.

Reuters иқтибос келтирган хориж расмийлари ўзаро учрашувлар пайтида ўзбек амалдорларининг ухлаб қолиши тез-тез кузатилаëтганини ҳам билдирган.

Reuters президент Шавкат Мирзиёев барча давлат амалдорлари учун “фавқулодда ҳолат” эълон қилганини эсга соларкан, номи сир қолишини истаган ўзбек амалдоридан иқтибос келтирган.

“Сўнгги ойларда Мирзиёев амалдорлар соат 17 да ишдан кетишлари, шанба ва якшанбани оиласи даврасида ўтказишлари тўғрисида кўрсатма берди. Амалда эса ҳеч нарса ўзгармади. Мен ҳалигача соат 8 да ишга келиб, ярим тундан кейин, кўпинча 1-2ларда уйга кетаман. Баъзан фарзандларимни бир неча кунлаб кўрмайман”, деб айтган амалдор Reuters агентлигига.

Ўзбекистонда айни кунларда қизғин паллага кирга пахта терими пайтида режанинг боришини муҳокама қилишга бағишланган селектор йиғинларининг тунда ëки эрта тонгда ўтказилиши кенг урфга айланган.

XS
SM
MD
LG