ФИФА ҳаками Шерзод Қосимов келишилган ўйиндаги иштироки учун футболдан четлатилди

Ўзбек футбол жамоаси.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси -ЎФА ҳакам Шерзод Қосимовни келишилган ўйинлардаги иштироки учун уч йил муддатга футболдан четлатди.

Шерзод Қосимов Жаҳон футбол федерацияси - ФИФА ва Осиё футбол конфедерацияси - ОФК ҳаками ҳисобланади.

ЎФА баёнотида қайд этилишича, “футбол ўйинларида учрашувга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишувларда қатнашган футбол ҳакамларини аниқлаш бўйича” амалий ишлар давом этмоқда.

Мана шу ҳаракат доирасида 19 январда ЎФА Этика қўмитасининг навбатдаги йиғилишида Шерзод Қосимов бўйича аниқланган ҳолатлар кўриб чиқилди.

“Қўмита томонидан Ш.Қосимов ЎФА интизом кодексининг 5.44. бандига асосан бир қатор футбол учрашувларида учрашувга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишувларда қатнашгани учун 3 (уч) йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштириш хусусидаги қарор қабул қилинди”,-дейилади расмий баёнотда.

Мазкур қарор ЎФА томонидан расмий тарзда эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди.